Название: Асал инсон соғлиги учун фойдали
 Гость
 18.10.2018
 Просмотры: 1885
Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

"(Эй, Муҳаммад) Раббингиз асалариларга ваҳий (буйруқ) қилди: "Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз. Сўнгра турли мевалардан еб , Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!” Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир”.

("Наҳл” сураси, 68-69-оятлар)

Ҳадиси шарифдан:

"Дори дармонларингиз ичида энг нафи (фойдаси) тегадиган қортиқчи (қон олувчи)нинг қортиғи ёки асалдир".

Яна Ойша р.а. онамиздан ривоят қилинган ҳадисда: "Расулуллоҳ с.а.в. ҳолва билан асални ёқтирар эдилар” дейилган.



Асал инсон ички аъзолари фаолиятини меъёрда ишлаб туришини таъминлайди, қон таркибини яхшилайди, иммунитетни кўтаради, кучли қувват манбаи ҳисобланади, организмни эрта қаришдан сақлайди.

Инсон организми учун фойдали, шифобахш хусусиятлари асалнинг биологик табиати ва унинг мураккаб кимёвий таркибга эга эканлигидандир. Асалнинг асосий хусусиятлари кристалланиш, нам ютишлик, иссиқликни сақлаш ва ўтказувчанлиги, электр ўтказувчанлиги, ёпишқоқлиги, зичлиги, оптик фаоллиги кабилардан иборат. Бундан ташқари асал бактерияларни қирувчи, шифобахшлик ва парҳезкорлик хусусиятларига эга. Асал қатор шифобахш хусусиятларга эгалигидан халқ табобатида ва анъанавий тиббиётда фойдаланилиб, ҳар хил дард ва касалликлар олдини олиш ва уларни даволашда кенг фойдаланиб, истеъмол қилинади.

Асал инсон танаси физиологик функцияларини меъёрда ишлаб туришини таъминлайди, шунинг учун ҳам уни турли касалликларни комплекс даволашда тавсия этилади.


Асалнинг таркиби

Асал бактерияларни қириш, шамоллаш ва аллергик касалликларга қарши курашиш хусусиятларига эга. Унинг бой таркиби фаол шифобахшлигини таъминлайди. Унда организм учун зарур бўлган қанд, минерал моддалар, микроэлементлар, витаминлар, ферментлар, биологик фаол моддалар, витамин Н, К, пантотен ва фолий кислоталар, хлор, цинк, алюминий, бор, кремний, хром, литий, никель, қўрғошин, қалай, титан, осмий етарли миқдорда бор. Асалдан қувватни кўпайтирувчи, кучайтирувчи, куч-қувватни тикловчи восита сифатида фойдаланишади. Асал – ажойиб дори воситаси, ундан инсондаги жароҳатларни ва куйган териларни юрак-қон-томир касалликларини, буйрак, жигар, ўт қопи йўллари, ошқозон-ичак йўллари касалликларини даволашда кенг қўлланилади. Табиий асал мислсиз ширинлик хусусиятларига эга. Асалнинг теридаги қуруқликни йўқотиши, уни юмшатиши, тонусни кўтариш хусусиятларидан келиб чиқиб, кўпинча косметик дорилар тайёрлашда ҳам фойдаланилади. Асал – яхши озуқа воситасидир. Унинг асосий озуқа моддалари – углеводлар, оқсиллар, минерал моддалар, витаминлар, ферментлар ва бир қатор бошқа моддалар. Глюкоза ва фруктоза моддаларининг парчаланишида инсон организми учун ҳаётий зарур бўлган, катта миқдордаги энергия ажралиб чиқади.



Асалнинг хусусиятлари

Йил давомида асални кундалик 20-50 грамдан мунтазам истеъмол қилиб бориш инсон организмида қон таркиби ва модда алмашинувини сезиларли яхшиланишига сабаб бўлади. Асал таркибига асосан, фруктоза ва бошқа маҳсулотларда жуда кам учрайдиган калий, магний, оқсил моддалар ва витаминлар киради. Асалнинг бу таркибий қисмлари томирлар деворларини ва юрак мускулларини мустаҳкамлайди.

Асал йўғон ичакдаги шамоллаш жараёнлари, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичакдаги баъзи бир хил яра кўринишларини ва бавосирни даволашда ижобий таъсир қилади. Асалнинг антибактериал хусусиятлари ундаги ўзига хос бўлган ингибитор моддалар мавжудлиги билан тушинтирилади. Бу моддалар оч рангдаги асал турларида кўпроқ учраши кузатилади. Асалнинг бу фойдали хусусияти унинг оптимал шароитларда қанча сақланишига боғлиқ эмас.



Асал билан даволаш:

Халқ табобати рецептлари.

Асалнинг шифобахш хусусиятлари.

Даволаш мақсадларида асал асосан эритма шаклида истеъмол қилиш тавсия этилади, чунки бундай кўринишда унинг таркибий қисмлари қон айланиш тизимига, кейин ҳужайраларга, сўнгра организмдаги тўқималарга етиб боради. Асал билан даволашда ҳар бир бемор учун алоҳида, муайян ёндашиш қатъий зарур, унга муносиб бўлган вегетатив асаб тизими ва умумий модда алмашинуви системаларига баъзи катта миқдордаги ҳазм бўлиши қийинроқ бўлган углеводлар салбий таъсирини олдини олиш мақсадида асал турини тўғри танлаш ва уни қатъий меъёрини тайинлаш зарур. Асални касалликдан даволаниш мақсадида истеъмол қилиш ҳар бир киши учун муайян миқдорда тавсия этилади (суткасига 50 дан 100 г гача).Камқонликда айниқса маржумак (гречиха) асали фойдали. Даволаниш мақсадида 2 ой мобайнида истеъмол қилиш лозим. Қон таркибини яхшилайди, бош оғриғи айланиши ва чарчоқ барҳам топади, инсоннинг ўзини ҳис қилиши яхшиланади.

Деярли ҳамма кўз касалликларини асал билан даволаш яхши натижа беради – 1 стакан сувга бир чой қошиғидаги асални қўшиб, 2 минут қайнатилади. Асалли сув совигач, кунига 2 маҳал, эрталаб ва кечқурун кўзга малҳам (примочка) қилинади. Худди шу асалли сувдан ҳар бир кўзга 2-3 томчидан, кунига икки маҳал эрталаб ва кечқурун томизилади.

Асалли сув билан оғизни ва томоқни ғарғара қилиш томоқ безлари шамоллашини олади, бундан ташқари тишларни тозалаб, оқартиради: 1 ош қошиқ асални 1 стакан илиқ сувга аралаштирилади.

Асалнинг фойдали хусусиятлари уни ажойиб, безарар уйқудори сифатида фойдаланиш имконини беради. Асал тинчлантирувчи восита сифатида қаттиқ ухлатади, ошқозон-ичак тизими фаолиятини меъёрига келтиради: 1 ош қошиқ асални 1 стакан илиқ сувга аралаштириб, кечқурун уйқу олдидан ичилади.

Ёш болага кечқурун ухлаш олдидан 1 чой қошиқ берилади. Боланинг асаб системасини мустаҳкамлаб, организмида тунгги уйқуси давомида намликни сақлайди.

Сил касаллигида, давомли, тузалиши қийин йўталда, пневмония ва бронхитда: 1300 г,асал (имкони бўлса, жўка (липа), 1 стакан майда тўғралган алоэ барги, 200 г зайтун ёғи, 150 г оққайин (береза) .

Буни тайёрлашдаш аввал янги узиб олинган ва қайнатилган сувда ювилган алоэнинг барглари 10 кунга салқин ва қоронғу жойда сақланади. Асал эритилиб, майда тўғралган алоэ барглари қўшилади, аралашма яхшилаб буғланади. Алоҳида 2 стакан сувда оққайин (береза) куртаклари ва жўка (липа) ранги дамланади, яна 1-2 минут қайнатилади, тиндириб, докадан сиқиб ўтказилган қайнатма совитилган асалга қўшилади. Аралаштириб, 2 та бутилкага қуйилади, иккала шиша бутилкага баббаравар зайтун ёғи қўшилади, Салқин жойда сақланади. Кунига уч маҳал 1 ош қошиқдан ичилади. Ичишдан олдин бутилкани силкитиб, тайёрланган асал аралашмали дори яхшилаб аралаштирилади.

Бавосирда орқа чиқариш йўлига шакар аралаштирилган асални свеча қилиб қўйилади.

Қабзиятда: 1 ош қошиғидаги зайтун ёғини яхшилаб тухум сариғи ва 1 ош қошиғидаги асал, ¾ стакан сув билан аралаштирилади. Ҳар 2 соатда 1 ош қошиғидан истеъмол қилинади.

Асалнинг фойдали хусусиятларидан сочни бақувват қилиш учун ҳам фойдаланилади: қайнатиб совитилган 40-50ْ С илиқ сувга асал қўшилади:

1 л сувга 2 ош қошиқ асал. Бу сувни ҳафтада 2 марта бошга суртиб, бош терисига сингдирилади.

Жигар касаллигида: 1 кг асални 1 кг қора смородина билан аралаштирилади. Овқатдан 30 минут олдин 1 чой қошиғида истеъмол қилинади. Муолажа тайёрланган дори тугагунча давом эттирилади. Шунингдек, 1 қошиқ асалнинг олма шарбати билан аралашмаси фаол таъсир қилади, эрталаб ва кечқурун истеъмол қилинади.

Колит (йўғон ичак яллиғланиши)ни даволашда, қабзиятни йўқотиб, ични равон қилади: суткасига олма шарбати ёки совуқ сув аралаштирилган 80-100 г асал истеъмол қилинади. Кунига уч маҳал овқатланишдан олдин истеъмол қилинади.

Гипертония касаллигида қон босимини пасайтириш учун:

а) 1 стакан асални, сабзи шарбати, хрен шарбати, лимон соки билан аралаштириб, салқин жойда оғзи зич ёпилган шиша идишда сақланади. Суткасига 3 маҳал овқатдан 1 соат олдин 1-2 қошиқдан, ёки овқатдан 2-3 соат кейин истеъмол қилинади.

б) 1 стакан асални сабзи ёки лавлаги шарбати, 1 та лимоннинг шарбати ерқалампир (хрен) шарбати билан аралаштириш. Кунига 3 маҳал 1 ош қошиқдан, овқатдан 1 соат олдин ичилади.

Муолажа давомийлиги -1,5-2 ой. Қирилган хрен олдиндан сувда 36 соат мобайнида тиндирилади.

Ангина ва стоматитда ва колитни даволашда ҳуқна (клизма) тайёрлаш учун: 1 ош қошиқ асал ва 1 ош қошиқ мойчечак (ромашка) 200 мл қайнаган сувга қуйилади ва ғарғара қилинади.



Асал билан даволашнинг халқ усуллари

Халқ табобатининг рецептлари

Тиббий мақсадларда асал билан муолажа қилиш юрак-қон томир системаси касалликларини даволашда тавсия этилади. Шунингдек, асал жигар, буйрак, ошқозон-ичак тизимидаги иллатларни даволашда ҳам фойдалидир.

Асал билан даволаш қадим-қадимлардан маълум. Буюк ҳаким Ибн Сино: "киши эрталаб анор еса, тушликка тўғралган пиёзли таом тановул қилса, ухлаш олдидан асал истеъмол қилса, унинг қони ҳар хил иллатлардан жуда ҳам тоза бўлади”,- деган. Қадимги Юнон ва Римда асални тинчлантирувчи восита деб билишган. Уйқусизликда уни кечқурун истеъмол қилишни тавсия этишган.

Асал таркибидаги микроэлементлар модда алмашинувининг бузилишида ва турли хилдаги озиб кетишларда беморга ёрдам беришга имкон беради. Масалан, унинг таркибидаги марганец ва темир моддаси таом ҳазм қилиш жараёнини тезлаштиради, таом сўрилишини яхшилайди. Калий ва магний (уларнинг организмда етишмаслиги кишининг эрта қаришига сабаб бўлади) ўз навбатида организмнинг ёшлигини сақлашга табиий эликсир сифатида хизмат қилади.

Асал таркибида аскорбин ва никотин кислоталари, биотин, А провитамин – каротин, В группасидаги витаминлар (В2, В6) ва бошқалар мавжуд. Улар марказий нерв системасини мустаҳкамлайди, тўқималар озиқланишини яхшилайди, қон томирларининг қонни меъёрида ўтказиб туришини таъминлайди, организмнинг ҳар хил инфекцияларга қарши етарли курашчанлигини таъминлайди. Асалдаги каротин, аскорбин кислотаси, эритилган тиамин кўзнинг кўриш қувватини кучайтиради, рангларни ажратиш ва қабул қилишини кенгайтиради.

Асалдаги 90% гача углеводлар глюкоза ва фруктоза моддаларидан ташкил топган. Улар осон ўзлашиб, қонга бошқа модда ёки бирикмага айланмасдан кириб боради, асосий қувват манбаи бўлиб хизмат қилади. Асалда глюкоза ва фруктозанинг мавжудлиги юқумли гепатит ва ҳатто жигар циррозида гликоген заҳираларини кўпайтириб, тўқималар алмашинуви жараёнини яхшиланишига сабаб бўлиши, унинг бемисл табиий маҳсулот эканлигини яна бир бор исботлайди.

Инсон ферментлардан, витаминлардан ва бошқа баҳоси йўқ биологик моддалардан холи бўлган оддий шакарни истеъмол қилганида, унинг ҳазм бўлиши, парчаланиб, ингичка ичакка ўтганидагина бошланади. Бундан ташқари шакарни катта миқдорда истеъмол қилиш тишларнинг ишдан чиқишига, атеросклероз, стенокардия ва модда алмашинувининг бузилишига олиб келади. Мана шунинг учун шакар ўрнига асал истеъмол қилиш жуда фойдалидир.

Муолажа мақсадида асални наъматак қайнатмаси, сабзавот, мевалар шарбатига қўшиб эритиб истеъмол қилиш фойдалидир. Шифокорлар катта ёшли кишиларга парҳез мақсадида 60-100 г асални (болаларгаикки баровар озайтириб) истеъмол қилишни тавсия қилишади. Бунда қуйидаги тартибга амал қилиш яхши натижа беради: эрталаб 30 г, тушликда 40 г, кечқурун -30 г. Овқатланишдан 1-2 соат олдин ёки овқатланишдан 3 соат кейин истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Уни бир ёшгача бўлган болаларгаҳам қайнатилган сувга бир неча грам қўшиб берган фойдали.



Асал билан даволашнинг халқ усуллари

Грипп касаллиги аломатларида 1: 1 нисбат билан қириб майдаланган чеснокка асал аралаштириш. Аралашмани кечки уйқу олдидан бир ош қошиқ истеъмол қилиш ва кетидан илитилган қайнаган сув ёки сут ичиш, Грипга чалингани шубҳа қилинса, махсус шифобахш гиёҳлар аралашмасидан тайёрланган аралашма билан касалликнинг олдини олиш мумкин. 1 ош қошиқ табиий асал, 1 ош қошиқ наъматак, 1 ош қошиқ смородина ва 1 ош қошиқ малинага қайнаган сув қуйиш, 15 минут устини ёпиб қўйиш. Бундай муолажа кунига овқатланишдан олдин ярим стакандан 3 маҳал давом эттирилади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, асал барча дардларга даводир. Уни мунтазам истеъмол қилиб юриш, соғлом инсон учун ҳам барча иллатлардан фориғ бўлишда, касалнинг олдини олишда муҳим роль ўйнайди.





Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]