Название: Балиш ёки билиш
 Гость
 15.10.2018
 Просмотры: 1102
Балиш ёки билиш
 
Маҳаллий тилда билиш, беляш деб эшитганларимизни миллий таомлар жамланган китобларда балиш деб номлашган экан устозларимиз. Биз ҳам бу номни ўзгартиришсиз шундайлигича қолдирдик. Аслида бу таомга татарлар ҳам "бу бизнинг таом” деб, даъвогарлик қилишади. Балки улар ҳақдирлар, балки ростдан ҳам илк маротаба бу таомни улар тайёрлашгандир, биз бунга эътироз билдирмаймиз.
Билганимиз шуки, миллий ошхонамиздаги кўпгина таомларимизни, бошқа миллат вакиллари ҳам айнан шундай ном билан тайёрлаб, бу бизнинг миллий таом дейишади. Мисол учун ток баргидан қилинган биргина дўлмани олсак, озарийлар ҳам айнан шу каби дўлма тайёрлайдилар ва бу бизнинг таом дейдилар, грузинлар ҳам, турклар ҳам. Балки балиш ҳам дўлма каби бўлгани учун, миллий таомларимиз жойланган китоблардан ўрин олгандир?!
Майли бу каби саволлар билан чалғимайликда, диққатимизни ушбу саҳифада ўрганмоқчи бўлган таомимизга қаратсак. Балишни одатда гўштдан тайёрланиши ҳақида ўқиганмиз, эшитганмиз ва ҳаттоки кўриб, еганмиз ҳам. Бу сафар одатдаги анъанадан бироз фарқли тарзда тайёрлаймиз, минералларга бой бўлган сабзавотли балиш пиширамиз.
Керакли маҳсулотлар:
Картошка 1-2 дона
Пиёз  1-2 дона
Булғори (қизил ва яшил) 1та дан
Помидор 1 дона
Туз, зиравор ва ошкўкатлар таъбингизга кўра
Ёғ таъбга кўра истаган ўсимлик мойи, истаган чарви ёки думба ёхуд сариёғ солиши мумкин.
Хамири учун:
Ун 1 кг
Туз бир ош қошиқ
Сут 600 мл
Хамиртуруш (дрожа) 10 гр
Тайёрланиши: Аввало сутни илитиб, юмшоқ хамир қориб қўйинг. То хамир ошгунга қадар қайласини тайёрлаб олишга улгурамиз.
Сабзавотларни ҳаммасини майда кубик шаклида тўғраб олиб, таъбга кўра тўз, зиравор ва ош кўкат солиб аралаштириб оламиз. Дарвоқе ёғни солишни ҳам унутманг.
Балиш қайласи тайёр, энди хамирга қарасак ҳам бўлаверади. Агар хамир ошган бўлса, 50-60 граммлик зувалачаларга бўлиб чиқамиз ва 10 дақиқача тиндирилади.
Тинган зувалачаларни жува билан ёйиб чиқамиз ва ўртасига қайласини қўймиз.
"Қуруқ сабзавотлардан қилинган ея олмайман, номига бўлса ҳам гўшт бўлса эди”,  деб хаёл қилганлар учун ҳар эҳтимолга қарши озроқ гўшт тўғраб, 5-6 тасини гўштли қилиб қўйишингиз ҳам мумкин.
Тугилиши худди Андижон манти каби бир четидан бир бирини устига қўйиб тугилади.

Тугилган балишларимизни устига тухум суртиб, 20-30 дақиқа мобайнида 200 даражадан юқори бўлган ҳароратда димхонада пишириб олинади. 
Пишган балишни истаганингиз каби дастурхонга тортиқ қилишингиз мумкин.

 Ёқимли иштаҳа!

Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]