Название: Фолбинлик касофати
 Гость
 18.02.2018
 Просмотры: 617
Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар:

"Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан коҳинлар ҳақида сўрадилар. Шунда у Зот:

"Улар хеч нарсага арзимайдилар”, дедилар.

"Эй Аллоҳнинг Расули, баъзан улар бир нарсани айтса, ҳақ бўлиб чиқади-ку?” дейишди. У зот:

"У ҳақдан бўлган бир калима бўлиб, жинлардан бири уни илиб олиб,”оғайниси”нинг қулоғига товуқнинг қақиллашига ўхшатиб, илқо қилади. Улар эса унга юздан ортиқ ёлғонни аралаштириб юборадилар”, дедилар”.

Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.



Ҳозирги вақтда фолбин, ромчи ва турли илгир (амал олувчи)ларнинг сўзларига ишонадиган айрим содда ишонувчан кимсаларнинг кўпайиб бориши ачинарли ҳолдир. Улар келажакда бўладиган ишларни олдиндан айтиб бериш даъвоси ила ҳаммани алдаб, ўз тузоқларига илинтирмоқдалар. Кишиларда турли бўлмағур ҳис-туйғуларни, шумланишларни пайдо бўлиши эса қанчадан-қанча оилаларни бузилиб кетишига, ака-ука, қуда-андаларнинг орасига совуқликни тушишига олиб келмоқда.

Бир куни шом вақтида қўшнимиз томондан бақир-чақир эшитилиб қолди. Онам: "Тинчликми?” - дея қўшниникига югурдилар. Қўшнимиз ёш оила, иккита фарзанди бор. Йигит ичкилик ичгани туфайли, эр-хотин тез-тез жанжаллашиб турарди. Онам қўшниникига чиққанларида сингил акасини бир аҳволда кўриб, ёрдамга чақирган экан.

Навбатдаги жанжалдан кейин келин ота-онасиникига кетиб қолган, қайтиб келишни ҳохламаган. Баъзилар "Фол очтириб кўр” деб маслаҳат беришган экан. Бошқа маҳалладаги фолбинга борганида, у "Кўзимга бошқа эркак кўриняпти, ўрнингни бошқа эркакка алмаштирган” деб йигитга гапирган. Йигитга бу гап ёмон таъсир қилган.

Онам қўшниникига чиққанларида йигит, ўзини осмоқчи бўлиб турган экан. Онам ҳай-ҳайлаб, тинчлантиришга ҳаракат қилибдилар. Нима гаплигини билганларидан кейин, "Аёлингни тартиблилигини ҳамма билади, иккита гулдек норасида фарзандинг бўлса, ичкиликни ташла, болам”, деб маслаҳат берибдилар.

Уйга чиқиб, энди дам оламан деб турган эдилар, қўшниникидан синглиси яна ёрдамга чақирди. Қўшнимизникига чиққанимизда йигит қон босимини туширадиган доридан анчагинасини ичиб юборибди. Дарҳол касалхонага олиб бордик. Касалхонада ошқозонини қайта-қайта ювишгандан кейин у ўзига келди.

Ҳозирги вақтда қўшнимизни оиласи маҳалладаги аҳил оилалардан бири. Лекин фолбинликни ўзига касб қилиб олган инсонларни гаплари бир инсонни ҳаётига зомин бўлишига бир баҳя қолди.


Ислом инсонларда учрайдиган турли хасталикларни тиб орқали, қалб хасталикларини эса Қуръони карим оятлари ила муолажа қилишга амр этган. Ҳар биримиз динимизнинг амрига бўйсунишимиз ва турли фолбин, коҳин ва илгирларга бориш улкан гуноҳлигини яхши англашимиз лозим. Барчаларимиз бундай бидъат хурофотларга берилишимиздан Ўзи асрасин.



Мунира ЭРКИН қизи
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]