Название: Ислом аёлни улуғлайди
 Гость
 15.10.2018
 Просмотры: 589
Ислом келишидан аввал аёл зотига энг қадри паст мавжудотлардан бири сифатида қаралар эди. Улар қиз фарзандларидан ор қилиб ёки фақирликдан қўрқиб тириклай кўмиб юборар эди.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Исро сурасининг 31 – оятида марҳамат қилади :
«Болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирамиз. Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир».

Мана, Ислом келиб бу қабиҳ ишни бекор қилди. Энди қизлар ҳам яшашга ҳақли экани, болаларни фақирликдан қўрқиб ўлдирмаслик лозимлиги очиқ-ойдин эълон қилинди.

Исломдан олдин аёллар меросга ўтадиган мулк каби эдилар. Аёлни эри вафот қилса, уни эридан қолган меросларга қўшиб тегишли кишиларга мулк қилиб берар эдилар. У киши истаса аёлни хотин қилар эди, истамаса йўқ.

Шу тариқа аёлнинг шаъни, унинг одамийлиги буткул топталган эди. Шундай бир пайтда Ислом келиб аёлларни бу каби хўрланишлардан озод қилиш билан бирга уларга мерос олиш ҳуқуқини берди.

Яҳудийлар ҳайз кўрган аёлга нажас нарсага қараган каби қараб, ҳайз кўрган аёллари билан бирга ўтирмай, бир хонада турмай, қўлидан таом емай турган бир вақтда Ислом келиб инсонни мукаррам эканлигини эълон қилиб, ҳайз кўрган аёлларга нисбатан бундай муомала қилиш Исломда йўқлигини кўрсатди.

Жоҳилият авж олиб, аёллар инсон каби яшай олмаган бир вақтда уларни илм ўрганишлари тасаввурга сиғмас ҳолат эди. Ислом келиб аёлларга бирма бир ўз ҳуқуқларини қайтариб бера туриб, аёлларни ҳам илм олишга ҳақли эканини, балки фарз эканини «Илм олиш ҳар бар мўъмин ва мўъминага фарздир» дея маълум қилди.

Мана алҳамдулиллаҳ, ўша даврдан то ҳозиргача ҳам етук илмли, тақводор муслималар чиқиб, Ислом ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Ислом аёлларга жаннат башоратини берди :
«Мўминлар ва мўминаларни тагларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга мангу киритиш учун ва уларнинг гуноҳлари ювиш учун. Ва бу Аллоҳнинг ҳузурида катта ютуқдир».

Фатҳ сураси 5 – оят.


Шубҳасиз, бу буюк ютуқдир. Алҳамдулиллаҳи Роббил ъаламийн!



Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]