Название: Ҳиссиётга берилиш шайтондан
 Гость
 17.01.2018
 Просмотры: 522
Ҳар бир инсонга ҳиссиётлар ато этилган. Уларни бошқариш, тўғри йўналтириш, жиловлаш эса имон, тақво ва соғлом ақл-идрок билан бўлади.

Баъзан ўзимизни идора қилолмай, ҳиссиётга берилишимиз натижасида шайтоний куч бутун борлиғимизни қамраб олади. Мазкур ҳолат вазиятга тўғри баҳо бериш йўлини тўсади. Шайтон арзимаган зарарли фикрни миямизга ташлаб қўйиб, жиловланган отни бошқаргандай бошқара бошлайди. Асабий кишини ёмонлик сари йўналтиришдан осон иш йўқ. Шайтон учун бу – айни муддао. Баъзан шундай бўладики, ғазаб оқибатида киши куфр, исёнга бошлайдиган сўзларни айтиб юборади. Насиҳат, яхшиликка чақириш унга акстаъсир қилади. Шундан ҳам кўринадики, ҳиссиётларини жиловлай билмаган киши шайтоннинг асирига айланади.
Бундай хунук ҳолатларга тушиб қолмаслик учун, биринчи навбатда барча васвасаларнинг шайтондан эканлигини билишимиз, ҳиссиётларга берилишни бошлаган онимиздаёқ ана шу ҳақиқатни ўзимизга ўзимиз такрорлашимиз керак бўлади. Чунки, шайтон инсоннинг бир ожиз томонини билиб қолса, ўшани восита қилиб олади ва у орқали алдашга ҳаракат қилади.
Абу Саид Худрийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй аёллар, (кўп) садақа қилинглар. Чунки менга дўзах аҳлининг аксари сизлар эканингиз кўрсатилди”, дедилар. Аёллар: "Нима сабабдан, эй Расулуллоҳ?” деб сўрашди. У зот (алайҳиссалом) жавоб бердилар: "Кўп лаънат айтасизлар – қарғайсизлар, эрга нонкўрлик қиласизлар...» (Имом Бухорий).
Ҳиссиётларимиз фақат яхшиликларга васила бўлишини сўраб Аллоҳга дуо қилиш, сабр сўраш, ибодатда бўлиш энг мақбул амалдир.


Моҳира БАҲОДИР қизи
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]