Название: ОНАнинг кундалигидан…
 Гость
 18.11.2018
 Просмотры: 481
«Жоним болам!

Шундай пайт келадики, мен қарийман. Ўшанда сабрли бўл ва мени тушунишга ҳаракат қил.

* * *

Агар еётган овқатимни бехосдан тўкиб қўйсам, кийимларимни сенинг ёрдамингсиз эгнимга киёлмасам, «ёш боладан ҳам баттар» деб оғринма. Сен шундай қилсанг, юрагим оғриса ҳам маъюс жилмайиб эслайман: кичиклигингда сен ҳам шундай эдинг, буларни ўргатаётганимда қанча вақтим кетаётганини ҳатто хаёлимга ҳам келтирмаганман. Чунки… ахир сен учун вақт нима бўпти, жонимни ҳам аямайман. Худди ҳозиргидай.

* * *

Агар сен билан суҳбатлашиб ўтирганимизда, битта гапни минг марта такрорласам, эзмаликда айблама, мени эшит. Кичкиналигингда ухлашинг учун битта эртакни минг марталаб ўқиб беришимга тўғри келарди, ҳар гал жон деб тинглардинг. Менинг ҳаёт эртагим охирлаб боряпти, қачондир надоматда қолмаслигингни хоҳлайман, шунинг учун ҳозирча мени эшит…

* * *

Рўзғордаги янгича буюмларга тушунмасам, айбга буюрма, тушуниб олишимга бироз вақт бер. Ахир сенга тўғри ейиш, чиройли кийиниш, ҳаёт ташвишларига қарши қандай курашишларни ўргата олгандим, буни ҳам эплай олишимга ишонаман. Шундан кўнглим тўқ, ахир сен ёнимдасан!

* * *

Агар қачондир ниманидир эсдан чиқариб қўйсам ёки суҳбатлашиб ўтириб, нима демоқчилигим эсимдан чиқиб қолса, койима. Агар эслолмасам, қайғурма. Ахир энг асосийси, гапираётганим эмас, сен билан биргалигим… Ёдингдами, кичиклигингда мендан бир зум ҳам нари кетишни истамасдинг…

* * *

Агар ҳориган оёқларим менга хизмат қилишдан, суянч бўлишдан бош тортса, қўлларингни узат. Худди қачонлардир илк қадамларингни ташлаётганингда сенга қўлларимни узатганим каби.

* * *

Қариётганимга қараб хафа бўлма, ўзингни ожиз ҳис қилма. Ёнимда бўл, мени тушунишга ва менга ёрдам беришга ҳаракат қил. Худди қачондир эндигина ҳаётингни бошлаганингда мен сенга ёрдамлашганим каби...

* * *

Менга яшашда давом этишимда, ҳаёт йўлим якунига меҳр-муҳаббат ва тоқат билан етишимда ёрдам бер. Бунинг учун сени табассумим, ҳеч қачон сўнмаган, охири йўқ меҳрим билан тақдирлайман.

* * *

Сени яхши кўраман, жоним болам!..»

Нилуфар Ваҳобова
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]