Название: Табассумнинг фойдалари
 Гость
 24.05.2017
 Просмотры: 830
Кишининг ўзидан бошқага эшиттириб кулиши қаҳқақа, фақат ўзи эшитса кулгу ва овозсиз кулиши табассум дейилади..

Биз баҳс қилмоқчи бўлган мавзу юқоридаги уч ҳолатдан бири, табассум тўғрисидадир. Ушбу уч ҳолат ислом фиқҳида ҳам баён қилинган. Ҳанафий фиқҳига кўра намоз ўқигувчи қаҳқақа қилганда намози ва таҳорати бузилади. Ўзи эшитадиган даражада кулса фақат намози бузилади. Табассум қилганида намози ҳам, таҳорати ҳам бузилмайди.

Мўътадил кулги ғам ва хафаликка малҳам бўлибгина қолмай, унда қалбни бойитиш учун ажойиб қувват бор. Ҳушчақчақ кишиларнинг одатда нафси кенг, қўли очиқ, хотираси жойида бўлади.

Табассумни асаб касаллигига бўлган даво сифатида ҳам қўлланилади. Лекин бунинг шарти исрофсиз кулишдир. Ҳадиси шарифларда: "Кулгини кўпайтирма, чунки кўп кулгу қалбни ўлдиради”, дейилган.

Ислом дини ақидалар, ибодатлар, ахлоқ-одобларда мўътадил бўлиш устига қурилган. Исломда қўрқинчли зулмат каби қовоқ солиб юришга ҳам доим ҳазил-мутойиба билан қаҳқаҳа уриб юришга ҳам буюрилмаган. Лекин жиддийлик, виқорлик ҳамда хушчақчақлик ва ишонч билан юришга буюрилган. Юзни тириштириб, қовоқ солиб юриш кишини нимадандир норози далолатдир.

Табассум одатий амал эмас, балки ибодат ҳисобланади. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда:

عن أبي ذر قال : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : تبسمك في وجه أخيك صدقة

Яъни: "Биродаринг юзига қараб қилган табассуминг садақадир” деганлар. (Термизий ривояти).

Бу табассум, кишининг масхаралаш учун унинг юзига боқишдан холидир. Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаи киромларга доим табассум билан қарардилар. Расулуллоҳ табассум қилганларида муборак тишларидан деворга нур тушарди.

Баъзи кишилар табассум қилиш инсон қадрини туширади деб ўйлашади. Аслида табассум, киши мартабасини оширади. Абу Дардо розияллоҳу анҳу кишилар билан гаплашганларида табассум қилардилар. Бунинг сабабини сўраганларида, у зот: "Пайғамбар алайҳиссалом бирор ҳадис ривоят қилсалар табассум қилганларини кўрардим” деганлар. Яна Абу Дардо розияллоҳу анҳу: "Мен қалбим дам олиши учун куламан. Инсонларнинг энг ҳурматлиси бўлган Муҳаммад алайҳиссалом аҳён-аҳёнда кулар, ҳатто озиқ тишлари кўриниб кетар эди” деганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг охирларида, охирги кун, дард жуда оғир келган, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу саҳобаларга бамдод намозини ўқиб бераётган вақтда эшикдаги пардани кўтариб, саҳобаларига қараб табассум қилдилар. Бу ўз саҳобалари масжидда жам бўлиб турганлигидан севиниб, ҳайрлашиш табассуми эди.

Шу ўринда табассум инсонга нима фойдалар келтириши билан танишсак.

Биринчи: табассум инсон жисми ва ақлига фойда беради.

Иккинчи: табассум қон босимини ошишидан ва юрак ҳасталикларидан ҳимоя қилади.

Учинчи: табассум инсонда ўзига ишончни ҳосил қилади.

Тўртинчи: табассум инсон қийматини оширади.

Демак ислом шариъати ўрни бўлмаган жойларда кулаверишга руҳсат бермай, ўрни бўлган жойларда табассум билан кишиларга яхшилик вилишга буюради.

Фарҳод Ҳомидов
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]