Название: Закот фарз бўладиган ва бўлмайдиган нарсалар ҳақида
 Гость
 18.11.2018
 Просмотры: 545


Ҳозиргача Закотнинг фарзлиги, уни адо этишнинг фазилати ва адо этмасликнинг зарарли оқибатлари ҳақида сўз кетди. Табиийки, Закот шунчалик аҳамиятли ибодат экан, уни қайси хилдаги моллардан ва қандай қилиб чиқарилади? Закот чиқаришда қандай шартлар бор?Қандоқ қилинса Закот тўғри чиқарилган бўлади? каби саволлар пайдо бўлади. Келаси боб ва фаслларда ана ўша ва шу каби бошқа саволларга жавоб топилади.
Ҳозир қайси нарсалардан Закот чиқарилади-ю, қайсиларидан чиқарилмайди? деган саволга жавоб хусусида тўхталамиз.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига етиб бордим. У зот: «Жоним унинг қўлида бўлган зот билан қасамки, ёки Ўзидан бошқа Илоҳ йўқ зот билан қасамки» ёки шунга ўхшаган бир қасам ичдилар-да: «Кимнинг туяси, қорамоли ва қўйи бўла туриб ҳаққини адо қилмаса, албатта, қиёмат куни ўшалар энг катта ва семиз ҳолида келтирилади. Агар уни туёқлари билан тепадилар, шохлари билан сузадилар. Қачон унинг олдидан охиргиси ўтса олдингиси қайтиб келади. Одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундоқ давом этади», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу маънодаги ҳадислар сал аввалроқ, Закот бермаган одамнинг қиёмат куни бошига тушадиган азоб-уқубатлар баёнида келди. Миқдори эллик минг йилча бўлган ўша кунда улар тинимсиз азобга тортилиб туришлари баён қилинди.
Ҳозир эса биз туя, қорамол ва қўйлардан Закот бериш кераклигини билиб оламиз.
Қорамол, деганимизда мол ва қўтос каби ҳайвонлар кўзда тутилади.
Қўйга эса эчки ҳам қўшилади.
Буларнинг ҳаммасини жамлаб ҳайвонот бойликлари, деб номланади.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳижрат ҳақида сўради. Бас, у зот унга: «Эҳтиёт бўл, унинг шаъни шиддатлидир. Туянг борми? Садақасини адо этасанми?» дедилар.
«Ҳа», деди у.
«Денгизлар ортида ҳам ишлайвер. Албатта, Аллоҳ сенинг амалингдан бирор нарсани камайтирмайди», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ҳижрат ҳақида савол сўраб келган аъробий ҳижратнинг улуғ савобли амал эканини одамлардан эшитиб, бир йўла улгуржи савоб ишлаб олиш, унинг йўлини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан аниқлаб олиш ниятида келган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уни тинчлантириб, ҳижратнинг иши қийин эканлиги. У ҳамманинг қўлидан ҳам келавермаслигини айтганлар ва унга савоб топишнинг осон йўлини кўрсатганлар.
Агар одам Закотни адо қилиб турса, қаерда амал қилишидан қатъий назар, ҳижратдами-бошқадами, денгизларнинг ортидами-олдидами барибир қилган солиҳ амалининг савобини тўлиқ олаверишини тушунтирганлар.
Бизнинг ушбу ўрганаётган мавзуимизга тегишли жойи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аъробийга айтган:
«Туянг борми? Садақасини адо этасанми?» деган гапларидадир. Будан туяга Закот бериш кераклиги келиб чиқади. Бу ҳадиси шариф ҳам ҳайвонот бойликларидан Закот чиқариш кераклигига бир далил-ҳужжатдир.

Умар ибн Абдул Азиз: «Закот; тилло-кумуш, зироат ва чорва ҳайвонларидандир», деган.
Молик ва Шофеъий раҳмаатуллоҳи алайҳлар бунга мувофиқ бўлганлар.
Шофеъий «ал-Умм» (китоби)да: «Ўз-ўзида Закоти вожиб бўладиган мол; тилло-кумуш, баъзи ер ўстирган нарсалар, чорва ҳайвонлари, ердан олинган маъдан ва дафиналардандир»лафзини келтирган.
Шарҳ: Умар ибн Абдул Азиз раҳматуллоҳи алайҳ Бани Умайя халифаларининг энг машҳурларидан бўлиб, кўпчилик томонидан чориёр халифалар Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумлардан кейинги бешинчи рошид (одил) халифа деб тан олинган.
Умар ибн Абдул Азиз раҳматуллоҳи алайҳининг насаблари она томонидан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. У киши улкан олим, улуғ имом ҳам бўлган. Ўз даврининг имомлари у кишининг фикрини ҳужжат сифатида қабул қилар эдилар.
Умар ибн Абдул Азиз ўта тақводор, зоҳид инсон бўлганлар. Озгина вақт халифалик қилган бўлишларига қарамай кўп нарсаларни тўғрилаб, ўз йўлига солганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини расмий равишда ёзишни бошлаб, бу ишни ташкил этган шахс ҳам шу киши бўладилар.
Айнан Умар ибн Абдул Азиз раҳматуллоҳи алайҳ даврларида Ислом оламида иқтисодий равнақ, ижтимоий адолат тўғри йўлга қўйилиб, кенг ҳудудларга эга бўлган буюк бир давлатда тўпланган Закотни оладиган одам топилмай қолган. Уларни кимга бериш керак? деган савол фуқаҳоларнинг бошларини қотирган. Охирида Африқода Исломни тарқатиш ишларига сарфлаш мумкинлиги ҳақида фатво чиқарилган.
Умар ибн Абдул Азиз Суфён Саврий, Ибн Шиҳоб Зуҳрий каби катта, уламо тобеъийнларга шерик бўлган зотдир.
Имом Молик ва Имом Шофеъийлар маълум ва машҳур зотлар. Ана ўша кишилар дин аҳкомлари ҳақида бирор гап айтсалар ҳеч қачон ўзларидан айтмайдилар. Албатта, асосий шаръий манбаълар; Қуръон ва Суннатга суяниб туриб айтадилар. Улар иттифоқ бўлиб айтишларича қуйидаги молу мулкларда Закот вожиб бўлади:
1. Тиллла-кумуш.
Аввал айтиб ўтганимиздек бу икки нарса ўша вақтларда нақд пул сифатида ишлатилган.
2. Зироат.
Бунга буғдой, маккажухори каби экинлар, хурмо, узум каби боғдорчилик маҳсулотлари киради. Булар «зироат бойликлари» деб аталади.
3. Чорва ҳайвонлари.
Туя, қорамол ва қўй ҳайвонот бойликларига киради.
4. Маъдан ва дафиналар.
Яъни, ер остидан топилган конлар ва бошқалар кўмиб-беркитиб кетилган бойликлар.
Ҳозир қайси хил бойликлардан Закот чиқаришни ўрганётганимиз учун, уларнинг номлари, турлари ва бошқа сифатлари ҳақидаги гап ва маълумотларни кейинга суриб турамиз.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш васақдан камда садақа йўқ», дедилар».
Шарҳ: «Васақ» ўша вақтдаги оғирлик ўлчови бўлган. Бир васақ олтмиш соъга тўғри келган. Бир соъ 2, 176 килограмм бўлса, олтмиш соъ 130, 560 кг. бўлади. Уни бешга кўпайтирсак 652.800 килограмм чиқади.
Демак, зироат бойликлари 652 кг. 800гр оғирликка етмагунча улардан Закот чиқарилмас экан.
Шундан ҳар бир турдаги молдан Закот фарз бўлиши шартларидан бири у мол маълум миқдорга етган бўлиши керак, деган қоида чиқади. Ўша маълум миқдор фиқҳда «нисоб» деб айтилади.
Ҳар бир турдаги молнинг ўзига яраша шариат томонидан тайин қилинган нисоби бор. Мол ўша нисоб - миқдорга етгандагина ундан Закот чиқариш фарз бўлади.
Ҳар бир турдаги молнинг нисоби қанча экани кези келганда айтилади. Ҳозирги ҳадисимиздан, зироат бойликларининг нисоби беш васақ, яъни, 652,8 килограмм эканлигини билиб олдик.

Абу Ҳурарйра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Мусулмонга унинг қулида ва отида садақа йўқ», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Муслим ва Аҳмад ривоятида: «Қулда садақа йўқ. Фақатгина фитр садақаси бор», дейилган.
Шарҳ: Ўша вақтларда қулчилик тузуми бутун дунё бўйлаб тарқалган эди. Ислом дунё тарихида биринчи бўлиб қулчиликка қарши чиққан, кишиларни қулликдан озод қилишга ҳаракат қилган бўлса ҳам мавжуд тузумлар алоқаси билан бу муомалани қилишга ижозат берган.
Шу маънода қул одам ўз хўжайинининг мулки ҳисобланган. Ушбу ҳадисда мусулмон одамга қулидан ва отидан Закот чиқариш фарз эмаслиги баён қилинмоқда. Шу билан бирга ҳўжайин рамазон ойида ўз қули номидан ҳам фитр садақаси чиқариш лозимлиги айтилмоқда.
Бу бир одамнинг нечта қули ёки нечта оти бўлса ҳам, Закот чиқармас эканда, деган хаёлга олиб бормаслиги керак. Агар қул ва от тижорат учун бўлса, ундан, албатта, Закот чиқарилади. Лекин, булар инсоннинг аслий ҳожати сифатида бўлсалар, Закот чиқарилмайди. Яъни, инсон ўз турмуши давомида оиласи хизмати учун хизматчи қулга муҳтож бўлади, борди-келдиси учун мингани отга ҳожати бўлади, шунинг учун ҳам бу нарсалардан Закот чиқарилмайди.
Баъзи уламолар отдан Закот чиқарилади, деганлар. Ҳайвонот бойликлари Закоти ўрганилаётганда бу масалага алоҳида тўхталинади.
Ушбу маънодан катта бир қоида; «аслий ҳожатга оид моллардан Закот чиқарилмайди, қоидаси олинган.
Демак, мусулмон инсонга ўз оиласи билан турмушида асл ҳожати тушиб турадиган моллардан Закот чиқариши фарз эмас. Ҳожати аслия нима эканини ҳам ўз жойида ўрганамиз иншааллоҳ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшаклар ҳақида, улардан Закот чиқариладими?» деб сўралди. Бас, у зот: «Менга улар ҳақида ҳеч нарса келмади. Фақат ушбу ажойиб оят бор: «Ким зарра оғирлигича яхшилик қилса ҳам кўради. Ва ким зарра оғирлигича ёмонлик қилса ҳам кўради», дедилар». Икки Шайх ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда ўта муҳим бир масалага эътиборр бермоғимиз лозим.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эшакларга Закот борми йўқлиги ҳақидаги саволга «Менга улар ҳақида ҳеч нарса келмади», деб жавоб бермоқдалар.
Маълумки, Қуръони Каримда Закотнинг фарзлиги, уни адо қилиш лозимлиги, адо қилганлар ажру савобга, жаннатга эришишлари. Адо этмаганлар эса гуноҳкори азим бўлиб, охиратда азоб уқубутга дучор бўлишлари ҳақида сўз кетган.
Лекин қайси моллардан, қанча миқдордагисидан, қанча миқдорда Закот чиқариш тўғрисидаги баёнотлар фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларида келган. Улардан маълум қисмини ўрганмоқдамиз ҳам.
Закотнинг қайси моллардан, қанча миқдорда бўлишлиги ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар фақат ҳадисларда келиши бу нарсаларни Пайғамбар алайҳиссалом ўзларининг шахсий фикрлари ила тайин қилган эканлар, деган фикрга асло сабаб бўлмаслиги керак. Бундоқ фикр мутлақо нотўғри бўлади.
Бу нарсаларнинг ҳаммаси Пайғамбар алайҳиссаломга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан келган. Бирортасини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан айтмаганлар. Агар у зот ўзлари айтадиган бўлганларида ушбу ривоятда зикр қилинаётган «эшакларга Закот борми?» деган саволга:
«Менга улар ҳақида ҳеч нарса келмади», демас эдилар. Ўзлари ижтиҳод қилиб, бир нарсани айтиб берар эдилар.
Ҳа, шаръий ҳукмларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч нарсани ўзларидан чиқариб айтмаганлар. Ҳаммаси Аллоҳ томонидан келган. Бир қисми Қуръон шаклида, бир қисми Суннат шаклида келган. Ушбу улкан ҳақиқат бир лаҳза ҳам ёддан кўтарилмаслиги керак.
Пайғамбар алайҳиссалом эшаклар Закоти ҳақида ўзларига бирор нарса келмаганини айтиш билан улкан жасорат ва камтарлик кўрсатдилар. Билмаган нарсаларини «билмайман», деб айтдилар. Бу билиб-билмай фатво чиқараверадиганларимизга сабоқ бўлиши керак.
Лекин Пайғамбар алайҳиссалом озгина бўлса ҳам яхшилик қилиб, ёмонликдан четда бўлиши кераклиги ҳақидаги оятни ўқиб қўйдилар. Шу билан бу масала яхшиликка мойил томонига юритилиши кераклигига ишора бўлиб қолди. Афтидан бу ўша вақтларда қайтадан кўтарилмаганга ўхшайди.
Аммо вақт ўтиши билан Ислом давлати чегаралари кенгайиб, турли янги масалалар пайдо бўлиб, уларни ҳал қилиш тўғри келганда, бу масалага ҳам қайтилган. Фуқаҳоларимиз умумий далил ва қоидаларни ишга солиб, эшак тижорат учун бўлса, Закот берилади, бўлмаса йўқ, деганлар.

Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яшиллар ( полиз эканлари) ҳақида сўраб мактуб ёзди. Бас, у зот: «Уларда ҳеч нарса йўқ», дедилар». Термизий, ал-Баззор ва Дора Қутний ривоят қилган.
Шарҳ: Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Пайғамба римиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Яманга омил қилиб юборганлари ҳақида хабаримиз бор. Муоз розияллоҳу анҳу Яманда ишлаб юриб полиз экинларидан Закот олинадими-йўқми, деган саволга дуч келганлар ва бу масалани сўраб Пайғамбаримиз алайҳиссаломга мактуб ёзганлар.
«Полиз экинлари»дан қовун, тарвуз, сабзи-пиёз каби ўзича узоқ турмай, бузилиб кетадиган зироатлар тушунилади. Албатта, хурмо билан узум бунга кирмайди. Чунки улар ҳақида алоҳида ҳадисларда Закот бериш кераклиги баён қилинган. Анор ва унга ўхшаш мевалардан берилмайди, дейилган.
Аммо баъзи уламоларимиз полиз экинларидан ҳам Закот берилади, деганлар. Уларнинг ҳам ҳужжатлари бор:
1. «Уларнинг молларидан садақа (Закот) ол», ояти.
Полиз экинлари ҳам молу-мулк, улардан ҳам Закот бериш керак, дейдилар уламоларимиз.
2. «Сизларга ердан чиқариб берган нарсаларимиздан», ояти каримаси.
Аллоҳ Ўзи ердан чиқариб берган нарсаларидан Закот беришга амр қилинмоқда. Полиз экинлари ҳам Аллоҳ ердан чиқариб берган нарсалардан.
3. «Ҳосилини йиққан куни ҳаққини беринглар», ояти.
Полиз экинлари ҳосили йиғиладиган нарсалардан. Демак, уларнинг ҳаққи-Закотини бериш керак.
4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Осмондан сув ичадиган нарсадан ўндан бири берилади», деганлар. Бунга полиз экинларининг баъзилари киради.
5. Закотнинг фарз қилиниши камбағалларнинг фойдасини кўзлаб бўлган. Полиз экинларидан Закот олишда ҳам камбағаллар фойдаси бор.
Аммо юқоридагилар молу мулклар бўлиб, нисобга етсагина Закот берилавермайди. Балки бошқа бир қанча шартлар ҳам мавжуд бўлиши керак.
Уламоларимиз Закот ҳақида келган барча оят ва ҳадисларни яхшилаб ўрганиб, усули фиқҳ қоидаларини ишлатиб, осонлашган ҳолда Закотини адо этиш учун молу-мулкда қандоқ шартлар мавжуд бўлиши кераклигини баён қилганлар.
«Бир маълум молдан Закот чиқариш учун у мол тўлиқ мулк бўлиши, амалда ёки тақдирда ўсувчи, нисобга етган бўлиши, ҳожати аслиядан ортиқча бўлиши, қарздан саломат бўлиши, бир йил тўлган бўлиши лозим».
Ушбу шартларни ўзида мужассам қилмаган молдан Закот чиқариш фарз бўлмайди. Энди мазкур шартлар билан алоҳида-алоҳида танишиб чиқайлик.
1. Тўлиқ мулк.
Мол тўлиқ мулк бўлиши керак. Яъни, мол ўз эгаси қўлида бўлиши, унда бировнинг ҳеч қандай ҳаққи бўлмаслиги, молни ўз ихтиёри ила тасарруф қила олиши ва ҳосил бўлган фойдаларни ўзига қайтадиган бўлиши керак.
Ушбу шартларни қўйилишига далиллар:
1. «Уларнинг молларидан садақа ол», ояти.
Тўлиқ мулк бўлмагунча бировга у мол бўлмайди.
2. «Молларида соил ва маҳрумларга маълум ҳақ бор», ояти ва бошқа бир қанча оятлар.
3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Албатта, Аллоҳ уларга молларида Закотни фарз қилди», деган ҳадиси шарифлари.
4. Ақлий далилга келадиган бўлсак, Закот уни олувчига мулк қилиб берилиши керак. Ўзи тўлиқ молик (мулк эгаси) бўлмаган одам қандоқ қилиб бировга бир молни мулк қилиб бера олади? Демак, Закот бериш учун Закот берувчи молга тўлиқ молик бўлиши керак.
Бир кишининг маълум миқдорда ортиқча молга молик (эга) бўлиши Аллоҳ томонидан берилган катта неъматдир. Молга тўлиқ эга бўлишлик, ундан фойдаланиш, уни кўпайтириш имконларини беради. Бу жуда улуғ неъматдир. Бундоқ улуғ неъматга эга бўлган банда унинг шукрини қилиши керак. Унинг шукри эса Закотини бериш билан бўлади.
Ушбу мулкка тўлиқ эга бўлиш керак, деган шарт билан тўла эга бўлмаганларга Закот бера олмаслиги аён бўлади. Мисол учун қўлида бўлмаган молнинг Закотини бера олмайди. Айтайлик бир молни сотиб олди, лекин ҳали қўлига теккани йўқ. Унга ўша молнинг Закотини бериш вожиб бўлмайди. Чунки мол қўлига етиб келмай қолиши ҳам мумкин.
Шунигдек, бировнинг ҳузурига гаровга қўйилган молдан Закот чиқариш ҳам вожиб бўлмайди. Чунки ўша мол ҳам эгасининг қўлида эмас. қўлига келишига гумон бор.
Адашиб қолган ҳайвон, йўқолиб қолган мол, давлат мусодара қилган мол, бирор жойга кўмилиб (яшириб) қўйиб қаерда экани эсидан чиқариб қўйилган мол кабилар қўлда турмаган моллар ҳисобланади ва улардан Закот бериш фарз бўлмайди.
Ушбу шартга биноан муайян молики бўлмаган моллардан ҳам Закот чиқариш фарз бўлмайди. Мисол учун ҳукумат ихтиёрида давлат мулки бўлиб турган молу мулклар. Уларнинг муайян эгаси йўқ. Ҳамманинг мулки ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ўлжага тушган моллардан Закот чиқарилмайди.
Шунингдек, маълум бир мақсад ёки тараф учун қилинган вақфлардан ҳам Закот чиқариш фарз бўлмайди. Чунки унда ҳам ҳақиқий муайян молик йўқ. Аммо, вақф муайян шахс учун қилинган бўлса, ундан Закот чиқарилади.
Ҳаром молдан Закот чиқаришга рухсат йўқ. Чунки, ўғри, киссавур, порахўр, тавламачи, золим ва шунга ўхшаш ҳаром йўлдан пул топадиганлар ҳақиқий мулк эгаси эмаслар. Уларнинг қўлларидаги мол ҳаром. У молнинг ҳақиқий эгаси мазлум кишилар.
Молга ҳақиқий эга бўлмаган ўғри-муттаҳам қандоқ қилиб Закот чиқара олади? Ахир Закот ибодат-ку, Аллоҳ таолога қурбат-ку, шону-шараф ва олий мартаба-ку! Ушбу олий мақомларга бировларниг ҳаққини еб, уларга зулм қилиб мол тўплаган харомхўрлар яқин келмасликлари керак.
Уларнинг ҳаққи-бу дунёда қўллари кесилиши ёки жиноятига яраша бошқа жазо олишдир. У дунёда эса бировнинг молини ботил йўл билан егани учун жаҳаннамда қорнида оловни ейиши керак.
Бировга қарзга берилган молнинг Закоти ҳақида уламолар турли ижтиҳодлар қилишган. Улар аввало қарзни иккига бўлишган:
а) Қайтариб берилишидан умид бор қарз.
б) Қайтариб берилишидан умид йўқ қарз.
Биринчи ҳолатда қарздор қарзини эътироф қилади, қарзни узишга имкони ҳам бор, умид ҳам бор. Унда қарз берган одам ўзидаги молдан унинг ҳам Закотини чиқариб туради, дейдилар баъзи уламолар.
Иккинчи турда, қарздор қарзни эътироф қилмайди. Қарзини узишга имкони йўқ, умид қилиб ҳам бўлмайди. У ҳолда мол эгаси Закот чиқармай туради.
Мабодо қўлига моли қайтиб келиб қолса нима бўлади? деган саволга уламоларимиздан баъзилари, ўтган йилларнинг ҳаммасини ҳисоблаб туриб, Закотини бирдан чиқаради, дейдилар.
Бошқа бирлари эса, қарзни қайтариб олган йилнинг Закотини берса кифоя қилади, деганлар.
Ҳанафий мазҳабида эса ўтган муддат учун умуман Закот чиқарилмайди. Қўлига қайтиб текканидан бошлаб ҳисоб қилинади, дейилади.
Баъзи юртларда ишчи-хизматчилар номига маълум миқдор мол ўтказиб қўйиш, мукофотларини ҳам банк ҳисобларига ўтказиб қўйиш одатлари бор. Уларнинг хоҳлаган вақтда олиб тасарруф қилиш ҳаққи бўлса, Закот берилади. Агар номига ёзилиб қўйилган-у олиш имкони бўлмаса, қўлига теккунча Закот бериш вожиб бўлмайди. Чунки, у ҳолда қўлига тегмагунча тўлиқ молик бўлмай туради.
2. Ўсиш.
Закот бериш фарз бўлиши учун мол ўсиб туриши ёки ўсишга имкони бўлиши керак. Яъни, ўша молдан эгасига фойда кўпайиб туриши ёки фойда кўпайиш имкони бор бўлиши керак.
Молнинг ўсиши ҳайвонот бойликларида туғилиш, семириш, яна бошқа маҳсулотлар бериш йўли билан бўлади. Бошқаларида эса тижорат ёки шунга ўхшаш йўллар билан бўлади. Чунки, ўсмайдиган молга Закот фарз қилинса молни Закотнинг ўзи йўқ қилиб қўяди. Бунда эса Закот берувчига зарар бўлади. Ҳолбуки, Закотнинг бир маъноси ўсишдир.
Закотнинг ўсувчи моллардан олиниши кераклигига, бошқасидан олиб бўлмаслигига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидан далил келтирилган.
Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаийлар Абу Ҳурарйра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Муслулмонга қулида ва отида садақа йўқ», деганлар.
Қул ва от кишининг хизмати учун керакли нарсалар. Улар мол сифатида зиёда келтирмайдилар. Шунинг учун шахсий эҳтиёжлар учун ишлатиладиган барча моллардан Закот чиқариш фарз бўлмайди.
Тилло-кумуш доимо ўсиб турадиган мол.
Зироат бойликлари табиий ўсишга боғлиқ бойликлардир, кон ва дафиналар ҳам шундоқ.
Ҳайвонот бойликлари эса туғилиш, семириш ва турли маҳсулотлар бериш билан ўсади.
Тижорат молллари эса энг кўп ўсувчи моллар ҳисобланади. Пулар хам шундоқ, нарсаларнинг қиммати пул билан ўлчанади. Ҳозирги кунда бу нарсасиз мол кўпайтиришни умуман тасаввур қилиб бўлмайди.
Аммо бир кишининг нисобга етган миқдорда пули бор, дейлик, ишончли жойда турибди. Лекин йил давомида бир тийинга ҳам кўпаймади. Закот берадими-йўқми? Шубҳасиз Закот беради. Чунки у пул ўсишга имкони бор мол. Фақат унинг эгаси ўз қобилиятсизлиги туфайли пулининг ўсишига имкон бермади. Аслида эса у одам пулини савдога ишлатиб, ишлаб чиқаришга қўйиб ўзи фойда олиши, ўзгаларга, жамиятга фойда келтириш керак эди.
Закот бериш учун мол ўсадиган бўлиши ёки ўсиш имкони бўлиши керак, деган қоидага биноан миниш учун ишлатиладиган уловлар, яшаш учун зарур ҳовли-жойлар, уй-рўзғор асбоб-анжомлари, ҳунар учун заурр асбоб-ускуналардан Закот чиқариш фарз эмас.
Яна қўлдан тортиб олинган мол, йўқолиб қолган молга ўхшаш моллардан ҳам Закот олинмайди. Чунки бу ҳолларда молнинг ўсишига тўсиқ унинг эгаси томонидан эмас.
Аммо ожизлик мол соҳиби томонидан бўлгани сабабли мол ўсмай турган бўлса ундан Закот олинаверади. Чунки, мўмин киши қўлида моли бўлатуриб уни кўпайтиришдан ожизлик қилиши тўғри келмайди.
Имом Муслим Абу Ҳурарйра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзингга наф берадиган нарсага қаттиқ урин. Аллоҳдан ёрдам сўра, ожиз бўлма!» деганлар.
3. Нисобга етган бўлмоғи.
Бир молдан Закот бериш вожиб бўлиши учун у мол нисобга етган бўлиши керак. Оз миқдордаги молдан Закот чиқарилмайди. Закот бойларга фарздир. Моли нисобга етмаган одам эса бой ҳисобланмайди.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳар бир турдаги молнинг нисобини аниқ белгилаб берганлар. У ҳақдаги ҳадисларнинг баъзисини аввалда ўрганиб ҳам ўтдик. Мисол учун зироат бойликлари нисоби ҳақида у зот:
1. «Беш васақдан камда садақа йўқ», дедилар.
Ўша пайтда ўрта ҳол оила бир йиллик эҳтиёжидан ортиқ беш васақ ва ундан ортиқ миқдорда зироат маҳсулотига эга бўлса бой ҳисобланар, ундан бир қисмини ночор биродарларига Закот тариқасида бериши керак эди.
2. Пайғамбар алайҳиссалом тиллонинг нисобини йигирма мисқол, кумушникини икки юз дирҳам қилиб белгилаганлар.
Ўша вақтда ушбу миқдордаги пул бир оиланинг бир йиллик харажатларига бемалол етган. Ўша миқдорда пулга эга бўлган киши бой ҳисобланган. Шариатимиз унга ортиқча пулининг бир қисмини муҳтож биродарларига Закот тариқасида беришни амр қилган.
3. Шунингдек, қирқта қўй, бешта туя ва ўттизта қорамол бир оиланинг етарли ҳайвонот бойлиги бўлган. Ундан Закот бериш фарз қилинган.
Шу билан бирга Закот туфайли Закот берувчининг ўз бойлик даражасидан тушиб қолмаслиги ҳам эътиборга олинган. Шунинг учун ҳам бешта туядан биттаси эмас, балки бешта туядан битта қўй Закотга бериш амр қилинган. Ҳолбуки, бошқа нарсаларда бирининг ўрнига бошқасини бериб бўлмайди.
Ушбу белгилаб берилган миқдорларнинг ҳаммасини Закот бериш учун мол нисобга етган бўлишининг шартлигига далиллардир.
4. Ҳожати аслиядан ортиқча бўлиши.
Молдан Закот чиқариш учун лозим бўлган шартлардан бири ўша мол Закот берувчининг қарамоғидаги кишиларнинг аслий ҳожатлардан ортиқча бўлиши керак.
Шу ерда «ҳожати аслия» нимадан иборат? Унинг чегараси борми? деган саволлар пайдо бўлади. Чунки ҳожат билан, ҳожатнинг фарқи бор. Агар одам боласининг ўзига қўйиб берсанг дунёнинг ярмига эга бўлса, қолганига ҳам ҳожатим бор, дейди.
Закот бобида «ҳожати аслия» нима эканини Ҳанафий мазҳаби уламолари қуйидагича таърифлайдилар:
«Ҳожати аслия - инсондан ҳалокатни феълан қайтарадиган, еб-ичиб, кийишга кетадиган нафақа, яшаш жойи, уруш анжомлари, ёки ҳалокатни фарзан қайтарадигшан нарсалар; қарз, ҳунар асбоблари, уй анжомлари, минишга улов, илм китоблари каби нарсалардир.
Агар кишининг қўлида мазкур ҳожатларга сарфлаши керак бўлган пуллари бўлса, улар худди йўқдекдир. Бу худди ичишга эҳтиёж бор сувни йўқдек ҳисоблаб таяммум қилиш жоиз бўлгандек».
Ушбу таърифга назар соладиган бўлсак, фуқаҳоларимиз инсон ҳаётини қанчалар яхши ўрганган эканликларини, ҳозирги замон иқтисодчилари ва қонунлари уларнинг олдиларида ип ҳам эша олмасликларининг гувоҳи бўламиз.
Инсоннинг еб-ичмоқ, киймоқ учун имкони бўлмаса ҳалок бўлиши турган гап.
Яшашга жойи бўлмаса ҳам, уруш бўлиб турганда ўзини ҳимоя қилиш анжоми бўлмаса ҳам ҳаётига хавф бўлади.
Қарз ҳам ҳалокат. Қарз берувчи ҳукуматга арз қилса уни қамаб қўйишлари мумкин. Бу ҳам ҳалокатнинг бир тури.
Ҳунар асбоби бўлмаган одам ишлаб ўзи ва оиласи учун нафақани қандоқ топади. Уйига, рўзғорига керакли асбоб-анжом бўлмаса ҳам илож йўқ!
Мингани улови бўлмаган одам ишига бориши, тижорат қилиши ва бошқа ҳожатларини бажара олмай ҳалок бўлиши турган гап.
Энг муҳими, китоби бўлмаса ҳам ҳалокатдир.
Уйида китоби йўқ кишини ҳалок бўлган санаш қайси динда, тузумда, қонун-қоида ёки фалсафада бор?
Китобнинг нон-сув билан бир қаторда одамни ҳалокатдан сақлаб қолувчи нарса, деб ҳисоблаш кимнинг хаёлига келган?
Жоҳиллик-илмсизлик ўлимга тенг деб ким айтган?
Аслида бошқа тузумларда солиқни ҳаммадан ёппасига даромад солиғи деб олинаверади. Энди-энди баъзи давлатларда солиқ солишда ҳожати зарурияни эътиборга олинмоқда. Лекин у ҳам тўлиқ эмас; баъзи кишилар ҳисобга олинади, бошқалари олинмайди.
Закот солиқ бўлмаса ҳам Ислом шариати унда ҳожати аслияни эътиборга олгани, айни адолатдир.
Ўзи ва қарамоғидаги одамларнинг яшаши учун зарур бўлиб турган нарсадан, сенга даромад тушди, деб бир қисмини олиб, уни янада оғир аҳволга солиб қўйиш ҳеч мантиққа тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам, Закоти олинадиган мол ҳожати аслиядан ортиқча бўлиши керак, деган шарт қўйилган.
Ҳожати аслиядан ортиқча бўлган молдан Закот олишга ва ундан камидан олмасликка далиллар:
1. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Сендан нимани инфоқ қилишларини сўрайдилар. Ортиқчасини», деб айт», деган.
Яъни, ўз ҳожатидан ортиқча молларини инфоқ қилсинлар. Ушбу оятнинг тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Ўз аҳлингдан ортиб қолганини», деган эканлар.
2. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, садақа (Закот) бойлик устидан бўлар», деганлар.
3. Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бир одам келиб: «Эй, Аллоҳнинг Расули, менда динор бор?» деди.
«Ўзингга инфоқ қил», дедилар.
«Менда бошқаси ҳам бор», деди.
«Хотинингга нафақа қил», дедилар.
«Менда яна бошқаси бор», деди.
«Болангга нафақа қил», дедилар.
«Менда яна бошқаси бор», деди.
«Ўзинг биласан», дедилар».
5. Қарздан холи бўлиши.
Закот фарз бўлиши учун мол эгасининг нисобни камайтириб юборадиган даражада қарзи бўлмаслиги керак. Бир одамнинг қўлида нисобга етган моли бор. Шу билан бирга бошқалардан қарзи ҳам бор. Агар қарзини бергандан кейин ҳам қолган моли нисобга етган миқдорда бўлса, Закот беради. Аммо, қарзни берганда ўзига мол қолмайдиган ёки моли нисоб миқдоридан камайиб қоладиган бўлса, Закот бериш вожиб бўлмайди. Чунки, одамлардан қарзи бор одам бой бўла олмайди.
6. Бир йил тўлган бўлиши.
Закот фарз бўлиши учун мол нисобга етган ҳолда бир йил муддатда нисобдан камаймай туриши керак. Ҳанафий мазҳаби бўйича йилнинг боши билан охирида нисобга етган бўлса етарли. Йил давомида, орада, баъзи вақтларда нисобдан камайиб қолса эътибори йўқ. Бу шарт ҳайвонот бойликлари, пул жамғармаси ва савдо молларига тегишлидир.
Зироат бойликлари, мевалар, асал, кон ва дафина бойликларига бу шартнинг дахли йўқ. Уларнинг Закоти мулкка эга бўлиши билан бўлади. Тушунарли қилиб айтилганда даромад солиғи шартига ўхшаш шарт ила бўлади, дейиш мумкин. Закот-солиқ эмас, ибодат эканлиги эса ҳаммамизга яхши маълум.
Мол нисобга етгандан сўнг бир йил ўтиши шарт қилиниши бошқа ҳукмлар каби ўз ҳикматига эга.
Аввало, бир йил давомида молнинг маълум миқдордан озаймай туриши собит бойликка далолат қилади. Ҳақиқатда ҳам у одамда Закот беришга лойиқ собит мол борлигига тасдиқ бўлади. Агар нисобга етиши билан фарз қилинса мазкур собитлик воқеъликда бўлмаган бўлади. Эҳтимол бир оздан сўнг у мол йўқ бўлиши ёки камайиши мумкин.
Яна бир ҳикмати, бир йил тўлиши ўсувчи молларга шарт қилинган. Яъни, айнимай туриб, фойда келтириши мумкин молларга шарт қилинган. Бунда мол эгасига молини ишга солишга, уни кўпайтиришга кенг имкон берилган бўлади. У йил давомида молидан фойдани олиб кўнгли тўлиб, хотиржам Закотини адо қилади.
Зироат бойликлари мева ва кону дафиналар эгаси уларга молик бўлганда энг ўсган пайти бўлади. Улар вақт ўтиши билан ўсишга эмас, камайишга бошлайди. Шунинг учун уларга бир йил ўтиши шарт қилинмаган.
Шу билан бирга таъкидлаш лозимки, барча молларнинг Закоти йилига бир марта чиқарилади, холос. Бу ҳамма учун баробар тартибдир. Ким бўлишидан қатъий назар ҳеч ким йилига бир мартадан ортиқ Закот талаб қила олмайди.
Бунга далил қуйидагилар:
1. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким молдан фойда топса, токи у ўз эгаси ҳузурида турганида бир йил айланиб келмагунча, унга Закот йўқ», дедилар.
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
2. Абдуллоҳ ибн Муовия ал-Ғоризий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарса бор, ким уларни қилса иймон таъмини тотган бўлади. Ким Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилса, албатта, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ деб билса ва молининг Закотини чин кўнгилдан ҳар йили берса...», деганлар».
Абу Довуд ва Табороний ривоят қилган.
3. Саҳобалар ва жумҳурнинг доимий иттифоқи.
Юқорида Закот олинадиган молда бўлиши лозим бўлган шартларни ўрганиб чиқдик. Энди «кимда мазкур шартларни ўзида мужассам қилган мол бўлса ўшандан Закот олинаверадими ёки молнинг эгаси ким эканига ҳам қараладими?» деган савол пайдо бўлади.
Исломдаги барча ибодатларни адо этиш таклифи маълум сифатларга эга бўлган одамларга лозим бўлганидек, Закот ибодатини адо этадиган одам ҳам маълум сифатларга эга бўлиши керак.

Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]